Коронавирус «daily» — пандемия бўйича 3 ноябрнинг асосий хабарлари
«Worldometers» маълумотларига кўра дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 47,6 миллиондан ошди.
«Worldometers»нинг 3 ноябрь, сешанба куни Тошкент вақти билан соат 22:30 даги маълумотларига кўра:
- дунё бўйича инфекция билан касалланганлар 47 606 137 киши;
- касалликдан тузалганлар 34 185 166 киши;
- инфекция оқибатида вафот этганлар 1 215 485 кишини ташкил этади.
Шунингдек, сўнгги сутка давомида дунё бўйлаб 282 107 та касалланиш ҳамда 4412 та ўлим ҳолати қайд этилган.
Ўзбекистондаги вазият
Ўзбекистонда 3 ноябрь соат 23:30 ҳолатига кўра коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 67 626 тани ташкил этмоқда.
Мамлакатда 3 ноябрь куни 231 ҳолатда касаллик қайд этилган бўлиб, барчаси тана ҳарорати кўтарилганлиги боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.
Кунлик касалланиш ҳолатларининг 73 таси Тошкент шаҳрида, 61 таси Тошкент вилоятида, 12 таси Сирдарё вилоятида, 12 таси Андижон вилоятида, 12 таси Хоразм вилоятида, 11 таси Наманган вилоятида, 10 таси Жиззах вилоятида, 9 таси Самарқанд вилоятида, 8 таси Фарғона вилоятида, 7 таси Сурхондарё вилоятида, 7 таси Бухоро вилоятида, 6 таси Қашқадарё вилоятида, 2 таси Навоий вилоятида ҳамда 1 таси Қорақалпоғистонда қайд этилган.
Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 574 нафарга етган. 3 ноябрь куни 1 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этган.
Кун давомида Тошкент вилоятида 58 нафар, Тошкент шаҳрида 39 нафар, Бухоро вилоятида 18 нафар, Сирдарё вилоятида 13 нафар, Наманган, Фарғона, Хоразм вилоятларида 12 нафардан, Андижон вилоятида 11 нафар, Жиззах вилоятида 10 нафар, Қорақалпоғистон ва Самарқанд вилоятида 8 нафардан, Қашқадарё вилоятида 7 нафар, Сурхондарё вилоятида 6 нафар, жами 214 нафар бемор соғайган.
Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 67 626 нафар бемордан 64 885 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 96 фоизни ташкил этмоқда. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2151 нафар бемордан 263 нафари оғир, 69 нафари эса ўта оғир аҳволда.
Аввалроқ Ўзбекистонда 2 ноябрь куни 239 кишида коронавирус аниқлангани ва 3 нафар бемор вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.
Жаҳондаги вазият
Дунё бўйлаб коронавирус тарқалиши бўйича қуйидаги мамлакатлар вирус «ўчоғи» бўлиб турибди:
АҚШда COVID-19 пандемияси даврида умумий ҳисобда 9 581 747 кишида вирус қайд этилган. Мамлакат бу кўрсаткич бўйича дунёда ҳали ҳам биринчи ўринда. Ундан кейинги ўринларда Ҳиндистон (8,3 миллион киши), Бразилия (5,5 миллион киши), Россия (1,6 миллион киши), Франция (1,4 миллион киши) бормоқда. Дунё бўйича эса коронавирус билан 47,6 миллиондан ортиқ киши касалланган.
Қозоғистонда 3 ноябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 113 309 нафарни ташкил қилмоқда. Қозоғистон бу кўрсаткич бўйича Марказий Осиёда биринчи бўлиб турибди. Беморларнинг 106 716 нафари тўлиқ соғайган, 1857 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 449 та янги касалланиш ҳолати аниқланган.
Шунингдек, мамлакатда пневмония касаллиги қайд этилган беморлар сони 38 012 нафарга етган. Ушбу касалликка чалинган беморларнинг 28 836 нафари тузалган, 404 нафари вафот этган.
Қирғизистонда 3 ноябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, 59 879 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилган. Беморларнинг 50 741 нафари соғайиб, 1155 киши ҳаётдан кўз юмган. Ҳозирда мамлакатда 7983 киши коронавирусдан даволанмоқда.
Тожикистонда 3 ноябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 11 139 тани ташкил қилмоқда. Беморларнинг 10 389 нафари коронавирусдан тўлиқ соғайган бўлса, 83 нафари вафот этган. Маълумотларга кўра, ўтган сутка давомида мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 43 тага кўпайган.
Туркманистон Марказий Осиёда коронавирус расман қайд этилмаган ягона давлат бўлиб турибди. Айни пайтга қадар мамлакатда бирорта ҳолатда коронавирус инфекцияси қайд этилмаган.
Россияда 3 ноябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра коронавирус билан касалланганлар сони 1 673 686 нафарни ташкил қилмоқда. Россия бу кўрсаткич бўйича дунёда АҚШ, Ҳиндистон ва Бразилиядан сўнг тўртинчи ўринда бормоқда. Беморларнинг 1 251 364 нафари соғайган, 28 828 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 18 648 та янги касалланиш ҳолати аниқланган ҳамда 355 та ўлим ҳолати қайд этилган.
Аввалроқ дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 47 миллиондан ошгани ҳақида хабар берилган эди.