Ўзбекистондаги ишсизлик даражаси маълум қилинди

Ўзбекистонда 2020 йилнинг январь—сентябрь ойларига кўра, ишсизлик даражаси 11,1 фоизни ташкил этади. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хабар берди.

Фото: mahalladosh.uz

Маълум қилинишича, ушбу кўрсаткич йилнинг биринчи ярим йиллигига нисбатан 2,1 фоизга камайган. Хабарга кўра, 2020 йилнинг сентябрь ойида вазирликнинг Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази томонидан Ўзбекистоннинг 108 та шаҳар ва туманида навбатдаги ижтимоий сўров ўтказилган. Сўровнома давомида 490 та ўзини ўзи бошқариш органи, 4,9 мингта уй хўжаликлари ҳамда 26 минг нафар фуқаро қамраб олинган.

Аниқланишича, 2020 йилнинг январь—сентябрь ойларида меҳнат ресурслари сони 19 миллион 121,3 минг кишини ташкил этган ва 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 100,7 фоизга ёки 135,5 минг кишига ошган.

Қайд этилишича, иқтисодиёт тармоқларида банд бўлганлар сони 13 миллион 205,2 минг кишини ташкил этган ва 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигига нисбатан 3,7 фоизга (468,5 минг кишига) ошган. Шунингдек, январь—сентябрь ойларида расмий секторда банд аҳоли сони 5 миллион 673,8 минг кишини ташкил қилиб, шу йилнинг январь—июнь ойларига нисбатан 1,7 фоизга ёки 92,6 минг кишига ошган.

Аввалроқ Ўзбекистон хориждаги 10 мингга яқин эҳтиёжманд фуқаросига 40 доллардан бир марталик моддий ёрдам кўрсатиши ва Ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг 378 минг доллар иш ҳақи ундириб берилгани ҳақида хабар қилинган эди.

Шунингдек, меҳнат мигрантлари Ўзбекистонда пенсия ва иш стажига эҳтиёж сезмаса, ижтимоий солиқ тўламаслиги ҳамда Ўзбекистонлик мигрантларни пандемия даврида Россияга ишга юбориш тартиби соддалаштирилиши мумкинлиги маълум қилинган.

Янгиликлар