Меҳнат мигрантлари Ўзбекистонда пенсия ва иш стажига эҳтиёж сезмаса, ижтимоий солиқ тўламайди
АОКАда 9 ноябрь, душанба куни Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Пенсия жамғармаси мутасаддилари иштирокида меҳнат мигранти ўзини ўзи банд қилган шахсга тенглаштирилгани билан боғлиқ масалалар юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда анжуманда иштирок этган «Теz News» мухбири хабар берди.
Матбуот анжуманида меҳнат мигрантлари Ўзбекистонда пенсия ва иш стажига эҳтиёж сезмаса, Пенсия жамғармасига ижтимоий солиқ тўламаслиги маълум қилинди.
Маълумотларга кўра, 15 сентябрда Президентнинг «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланган. Мазкур қарор ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги ваколатли органларнинг фаолиятини такомиллаштириш, хорижда ишламоқчи бўлган шахсларни талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, фуқароларнинг чет элда бўлиш даврида ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қайтиб келган меҳнат мигрантларининг бандлигини таъминлаш, шунингдек, уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Шунингдек, қарор билан хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизими жорий қилинмоқда ҳамда унинг асосий йўналишлари белгиланган.
Жумладан:
- меҳнат мигрантлари молиявий ва ижтимоий қўллаб-қувватланади, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш амалиёти кенгайтирилади, улар учун маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилади;
- меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахслар реинтеграция қилинади, шу жумладан, уларнинг бандлиги таъминланади, касбий малакаси оширилади ва тадбиркорлик ташаббуслари рағбатлантирилади.
Таъкидланишича, 2021 йил 1 январдан бошлаб
- ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан хорижга чиқиб кетаётган шахслар ишга юборилишидан олдин давлат ва нодавлат таълим ташкилотларида касб-ҳунарга ўқитилади;
- ташкил этиладиган қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курсларида меҳнат мигрантлари учун қисқа муддатли касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш курслари ташкил этилади.
Ушбу курсларда ўқитиш харажатлари давлат ҳисобидан қопланади.
Бундан ташқари қарор асосида 2021 йил 1 январдан бошлаб меҳнат миграцияси йўли билан хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турларига тенглаштирилади.
Ўзини ўзи банд қилган шахслар даромад солиғи тўламайди, ижтимоий солиқни эса пенсия олиш учун иш стажига эҳтиёж сезсагина тўлайди. Уларга ўзини ўзи банд қилган шахслар учун белгиланган солиқларни тўлаш ҳамда пенсия миқдорини ҳисоблаш тартиби қўлланилади. Солиқ кодексининг 369-моддасига мувофиқ ўзини ўзи банд қилган шахслар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади.
Ўзини ўзи банд қилган шахслар ўзига пенсия ҳисобланиши ва иш стажига эга бўлиши учун Пенсия жамғармасига ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлаши мумкин, бу 2020 йил учун камида БҲМнинг 50 фоизи ҳажмида (111 минг 500 сўм) белгиланган.
Маълумот учун, агар чет элда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар Ўзбекистонда пенсия ва иш стажига эҳтиёж сезмаса, унда Пенсия жамғармасига ижтимоий солиқ тўлашнинг ҳожати йўқ.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда чет элда ишловчи мигрантлар солиққа тортилиши ҳақида хабарлар тарқалгани, Давлат солиқ қўмитаси меҳнат мигрантлари учун солиқ жорий қилинаётгани ҳақидаги хабарларни рад этгани ҳақида хабар берилган эди.