Ўзбекистонда 1,9 млрд сўмлик давлат харидларида ноқонуний ўтказилиш аниқланди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан 1,9 млрд сўмлик давлат харидларининг ноқонуний ўтказилишининг олди олинди.

Жумладан, жами 1,9 млрд сўмлик қуйидаги 3 та давлат харидида қонунбузилиши ҳолатлари аниқланди:

• Урганч дзюдо спорт маҳорати мактаби буюртмачилигидаги жами 1,6 млрд сўмлик;

• Хоразм вилояти ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси буюртмачилигидаги 298 млн сўмлик;

• Бадиий кўргазмалар дирекцияси буюртмачилигидаги 32,5 млн сўмлик давлат харидларида Ўзбекистон Республикаси «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуннинг бир қатор талабларига зид равишда баҳолаш жараёнида қонунбузилишига ҳамда иштирокчилар ўртасида рақобатни чеклаш ҳолатларига йўл қўйилган.

Мазкур ҳолатлар бўйича харид комиссиясининг ғолибни аниқлаш ҳақидаги баённомалари бекор қилиниб, қайд этилган давлат харидлари қонунга хилоф равишда ўтказилишининг олди олинди, — дейилади хабарда.

Ҳозирда, ўрганиш ва таҳлиллар жараёнида тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

AI News