Ўзбекистон тўқимачилик саноатига 2 млрд доллардан ортиқ сармоя жалб қилишни режалаштирмоқда
Президент Шавкат Мирзиёев 23 декабрь куни тўқимачилик саноатида 2025 йил якунлари ҳамда келгуси йил учун устувор вазифалар юзасидан тақдимот билан танишди.

Қайд этилишича, 2025 йилда тўқимачилик саноатида ишлаб чиқариш ҳажми 134 триллион сўмни ташкил этган. Хорижий инвестицияларни ўзлаштириш 2,1 миллиард долларга етган. Экспорт ҳажми эса 2,5 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан ўсиш таъминланган.
Хусусан, 2026 йилда пахта хомашёсини қайта ишлашни янада чуқурлаштириш ҳамда газлама, трикотаж ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасини ошириш кўзда тутилган. Маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 147 триллион сўмга, экспортни эса 3,3 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.
Тармоққа 2,2 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш режа қилинган. Бунинг эвазига 207 минг тонналик синтетик, аралаш ип, 397 миллион квадрат метрлик газлама, 224 миллион дона тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда 108 миллион квадрат метр мато бўяш бўйича қўшимча қувватлар барпо этилади, — дейилади хабарда.
Шу билан бирга, тармоқни барқарор ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган айрим омиллар ҳам қайд этилди. Ушбу муаммоларни ҳал этиш мақсадида 2026 йил учун аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Жумладан, корхоналарга айланма маблағ учун 200 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратиш, 138 та корхонани молиявий соғломлаштириш, 100 та янги корхонани экспорт фаолиятига жалб қилиш режалаштирилмоқда.





