Ўзбекистонлик мигрантларни пандемия даврида Россияга ишга юбориш тартиби соддалаштирилиши мумкин

Ўзбекистонлик мигрантларни коронавирус пандемияси даврида Россияга ишга юбориш тартиби соддалаштирилади. Бу ҳақда «Халқ сўзи» хабар берди.

Маълум қилинишича, бош вазир маслаҳатчиси Меҳриддин Хайриддинов, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдинов ҳамда Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденев иштирокчида Ташқи ишлар вазирлиги биносида учрашув бўлиб ўтган.

Таъкидланишича, учрашувда коронавирус пандемияси пайтида ўзбекистонликларни Россияда ишга жалб қилиш масаласи, икки вакилларнинг ваколатли органлари томонидан шакллантирилаётган миграция соҳасидаги лойиҳаларининг ҳолати кўриб чиқилган. Шунингдек, икки мамлакат миграция соҳасида ҳамкорлик қилишга тайёр эканлиги маълум қилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон томони фуқароларни Россияга ишга жойлаштириш масаласида Россия ҳукуматидан рухсат олиш бўйича бир нечта таклифлар берган. Берилган таклифларни вакиллар кўриб чиқиб, натижасини маълум қилинишини билдирган.

Хабарга кўра, учрашув якунида томонлар пандемияда ўзбекистонликларни Россияга ишга жалб қилиш, мамлакат ҳудудига киришга ва ишлаш учун рухсат олиш, меҳнат мигрантларини ташкиллаштирилган ҳолда жўнатиш, карантинда бўлиш каби жараёнларни соддалаштириш юзасидан қўшма чора-тадбирлар ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилган.

Аввалроқ Ўзбекистон хориждаги 10 мингга яқин эҳтиёжманд фуқаросига 40 доллардан бир марталик моддий ёрдам кўрсатиши ва андижонлик 4,5 минг нафар фуқаро Россияга қонуний ишлаш учун юборилиши ҳақида хабар берилган эди.

Шунингдек, Ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг 378 минг доллар иш ҳақи ундириб берилгани ҳамда Меҳнат мигрантлари Ўзбекистонда пенсия ва иш стажига эҳтиёж сезмаса, ижтимоий солиқ тўламаслиги маълум қилинган.

Янгиликлар