Шавкат Мирзиёев аҳоли соғлиқни сақлаш тизимидан норози эканини айтди

Шавкат Мирзиёев 20 ноябрь, жума куни Тошкент шаҳрида ўтказилган йиғилишда аҳоли соғлиқни сақлаш тизимидан норози эканини таъкидлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Хабарга кўра, Президент 2020 йил барча соҳалар учун катта синов бўлганини таъкидлаган. Шунингдек, тиббиёт ходимлари ҳам, ўқитувчилар ҳам янгича шарт-шароитда ишлашига тўғри келишини айтган.

«Тошкентда сифатли тиббий хизмат ва мактаб таълимига қандай эришамиз? Мени шу савол қийнайди. Сизлар билан учрашишдан мақсад — қуйи тизимдаги масалаларни билиш, тўғри йўл тутиш. 2020 йил барча соҳалар учун катта синов бўлди. Тиббиёт ходимлари ҳам, ўқитувчилар ҳам янгича шарт-шароитда ишлашига тўғри келди. Оғир синовлар пайтида бирлашдик. Бу синовлар бизни изланишга мажбур қилди. Шунинг учун натижа бўлди», — деди Президент.

Фото: Президент матбуот хизмати

Учрашувда Шавкат Мирзиёев аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, касалликларни эрта аниқлаш ва даволашнинг илғор тажрибасини жорий этиш, тиббиёт муассасалари шароитини яхшилаш бўйича фикрлар билдирди ва аҳоли соғлиқни сақлаш тизимидан норози эканини таъкидлади.

«Шифохонадан чиққан 20 та одам билан гаплашинглар, ҳаммасини айтади. Кўпчилик тиббий хизматлар сифатидан норози. Тиббиёт ва таълим — давлат ва халқ ўртасидаги адолат кўприги. Ҳаммамиз ўзимизни қийнаб, ҳалол бўлиб, бу тизимларни тўғрилаб олсак, ана шунда адолат таъминланади. Халқимиз рози бўлади. Тошкент бунда намуна бўлиши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев кўп қаватли уйларда энг катта муаммо нима эканлигини маълум қилганни ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев янги қурилиш лойиҳалари билан танишгани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар