Ўзбекистонда порахўр судьялар олиб борган ишларни қайта кўриб чиқиш таклиф этилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Одилжон Тожиев пора билан қўлга олинган судья ва прокурорлар олиб борган ишларни қайта кўриб чиқишни таклиф қилди.

Тожиев Бухоро вилояти Когон тумани прокурорини $90 минг қийматдаги пора олаётганида қўлга олишгани ҳақидаги маълумотга фикр билдириб ўтди.

«Қонунни амалда қўллаш орқали қонунийликни таьминлаш асосий бурчи бўлган бу каби шахсларнинг ўзлари қонунни бузишаётгани одамларда қонунларга, пировардида эса давлатга бўлган ишончни йўқотади», – дея ёзди у шахсий Telegram-каналида.

Спикер ўринбосари тасдиқланган айблов хулосалари ва суд жараёнлари вақтида фуқароларга нисбатан чиқарилган қарорларни баҳолаш лозим, дея ҳисоблайди.

«Чунки бу каби нолойиқ шахсларнинг ҳаракатлари  оқибатида қанчадан-қанча фуқаролар ноҳақ айбланиб, ноҳақ судланиб кетган бўлиши мумкин. Бундай жиноятчи шахслар кўриб чиққан барча материаллар кўтарилиб, қайта кўриб чиқилиши шарт. Шунда адолат тикланади», – қўшиб ўтди у.

Янгиликлар