Андижонда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш учун жамғарма ташкил этилади
Президент Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, унга 20 миллион доллар ажратилади

Андижон вилоятида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш учун алоҳида молиявий ва ташкилий имкониятлар яратилади, деб маълум қилди Президент Шавкат Мирзиёев.
Маълумотларга кўра, Андижонда ишлаш истагида бўлган 3 минг нафар аёл фарзанд тарбияси билан банд.
Уларнинг фарзандларини болалар боғчаларига жойлаштириш аёлларнинг меҳнат бозорига қайтиши учун шароит яратиши таъкидланди.
Шунингдек, вилоятда мактабгача таълим қамрови 86%га етган. Тадбиркорлар яна 134 та оилавий боғча очишга тайёрлигини билдирган.
Масъулларга ўн кун ичида ушбу боғчалар бўйича тегишли битимларни расмийлаштириш масаласини ҳал қилиш топширилди.
Умуман, Андижонда аёлларни иш билан таъминлаш учун алоҳида жамғарма ташкил этилиб, унга 20 миллион доллар ажратилади, — деб таъкидланди.





