Ўзбекистонда кредит олиш учун гаров талаблари енгиллаштирилади
Мамлакатда реал пул оқими, буюртма ва шартномалар, дебиторлик қарздорлиги, товар айланмаси ҳамда бизнес занжирларига асосланган комплекс молиявий маҳсулотлар жорий этилади

Президент Шавкат Мирзиёев мижозлар бизнесини ривожлантириш тамойили асосида давлат банкларини трансформация қилиш зарурлигини маълум қилди.
Жумладан, йил бошидан гаров ёки кафил топа олмаган 35 минг кишига кредит берилмаган. Банклар анъанавий гаров ва бир хил стандарт шартлар билан чекланиб қолмаслиги кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Энди реал пул оқими, буюртма ва шартномалар, дебиторлик қарзи, товар айланмаси ҳамда бизнес занжирига асосланган комплекс молиявий маҳсулотлар кенг жорий қилинади. Кичик тадбиркорларнинг лидер корхона ёки йирик буюртмачи билан узоқ муддатли шартномаси кредит гарови сифатида қабул қилинади.
Шунингдек, 500 миллион сўмгача лойиҳаларни кредитлашда бизнес-режа талаб этилмайди. Кредит гаровга эмас, пул оқимига қараб ажратилади. Экспортбоп маҳсулот учун хомашё сотиб олиш кредитларида эса суғурта полисининг ўзи гаров сифатида етарли бўлади.
Шу билан бирга, тўққизта давлат банкига бир ойда бизнесни ўстиришга кўмаклашадиган 20 та янги банк маҳсулотини таклиф этиш вазифаси қўйилди. Маҳалла банкирлари янги хизматларни аҳоли ва тадбиркорларга тушунтириб боради.





