Андижонда Қирғизистон билан чегарада янги «Кесканёр» чегара пости очилади
Мазкур пост 3 ой ичида масъул шахслар лойиҳани ишлаб чиқади, шундан сўнг қурилиш ишлари бошланади

Андижоннинг транспорт-логистика имкониятларини кенгайтириш бўйича йирик лойиҳалар белгилаб олинди, деб хабар берди Президент Шавкат Мирзиёев тегишли йиғилишда.
Жумладан, «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли ҳисобига юк ташиш ҳажмини 10 карра ошириб, йилига 15 миллион тоннага етказиш имкони пайдо бўлади.
Шу муносабат билан йил якунигача Қўрғонтепа ва Хонободдаги 300 гектар майдонда 600 миллион долларлик логистика комплекси лойиҳасини бошлаш топширилган.
Шунингдек, Қирғизистон билан «Дўстлик» постига нисбатан икки баробар катта «Кесканёр» чегара постини очиш бўйича келишувга эришилгани қайд этилди. Уч ойда унинг лойиҳасини ишлаб чиқиб, қурилишни бошлаш вазифаси қўйилди. Бу юк ташиш ҳажмини 2-3 карра ошириш ва муддатини бир ҳафтага қисқартиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, янги транспорт оқимига мос равишда 78 километрли «Хонобод – Андижон» пулли автомобил йўлини лойиҳалашга киришилади.
Шу ойдан «Тошкент – Андижон» тезюрар поезди йўлга қўйилиб, сафар вақти 6 соатдан 4 соатга қисқарди. Келгуси йил «Тошкент – Андижон» пулли автомобил йўлини қуриш бўйича амалий ишлар бошланади.





