Бош прокуратура Тошкентдаги 7-сонли уй бўйича Маданий мерос агентлигининг позициясини қўллаб-қувватлади
Аввалроқ агентлик ушбу тарихий бинонинг сақланишига хавф солувчи ўтган йиллардаги қарорларга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида Бош прокуратурага расмий мурожаат юборган эди

Ўзбекистон Бош прокуратураси Тошкент шаҳрининг Бобур кўчасидаги 7-сонли уй бўйича Маданий мерос агентлигининг позициясини қўллаб-қувватлади, деб хабар бермоқда идора матбуот хизмати.
Аввалроқ Агентлик томонидан мазкур тарихий бинонинг сақланишига таҳдид солаётган ўтган йилларда қабул қилинган қарорларга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига расмий мурожаат юборилган эди.
Бош прокуратура Маданий мерос агентлигининг позициясини тўлиқ қўллаб-қувватлади, — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, қонунчилик бузилишларини бартараф этиш мақсадида назорат органи томонидан тегишли ҳоким қарорини ноқонуний деб топиш талаби билан судга даъво аризаси киритилган.
Конституциямизнинг 61-моддасида фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий, маданий, илмий ва табиий меросини асраб-авайлашга мажбур экани аниқ ва тиниқ қилиб белгиланган. Қонун барча учун баробар. Шахсий манфаатлар йўлида мамлакатнинг маданий меросини йўқ қилишга қаратилган ҳар қандай уринишларга биз қатъий ва фақат қонуний тартибда курашамиз. Ўзбекистон тарихини бузиб ташлашга йўл қўймаймиз, — дея таъкидлади Маданий мерос агентлиги раҳбарининг биринчи ўринбосари Элмурод Нажимов.





