Сирдарёда сифатсиз бензин сотган АЁҚШ 12 та машинага зарар етказди

Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги АЁҚШда сифатсиз бензин сотилгани оқибатида ўндан ошиқ ҳайдовчилар моддий зарар кўрган.

Маълум қилинишича, департаментнинг Мирзаобод тумани бўлими томонидан “Ўзэнергоинспекция” Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармасининг “I.P.” МЧЖга қарашли АЁҚШда ўтказилган текширув ҳужжатлари ўрганилган.

Ўрганиш давомида ушбу АЁҚШда 10 730 литр АИ-92 маркали автобензиннинг октан сони бўйича сифат кўрсаткичи давлат стандарти параметрларига мос келмаслиги, шунингдек МЧЖ томонидан мижозларга сифатсиз ёқилғи сотилгани оқибати 12 нафар фуқаронинг транспортига 103,2 млн сўм моддий зарар етказилгани аниқланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 192-11-моддаси (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Янгиликлар