Тошкент вилоятида боғча тарбияланувчиларининг оммавий заҳарланиши иши бўйича суд якунланди

Судланувчилар жиноят кодексининг «санитария қонунчилигини ёки эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш» моддаси бўйича айбдор деб топилдилар

Жиноят ишлари бўйича Бўка туман судида 2025 йил сентябрь ойида Бекобод, Бўка, Оққўрғон, Пискент ва Қуйичирчиқ туманларида мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларининг заҳарланиш ҳолатларига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни тугади. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар бермоқда.

Эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ 11 нафар судланувчи Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди:

• Р. О. (эркак, 1985 йилда Тошкент вилоятида туғилган, Shark Milk Product МЧЖ директори);

• А. С. (эркак, 1987 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, Shark Milk Product МЧЖ бош технологи);

• Р. Х. (эркак, 1982 йилда Тошкент вилоятида туғилган, Shark Milk Product МЧЖ технологи)га 3,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш.

Шунингдек:

• С. С. (эркак, 1985 йилда Тошкент вилоятида туғилган, Shark Milk Product МЧЖ таъсисчиси ва сотув бўлими менежери);

• Ф. О. (эркак, 1990 йилда Тошкент вилоятида туғилган, Shark Milk Product МЧЖ таъсисчиси ва директори ўринбосари);

• М. Н. (эркак, 1991 йилда Тошкент вилоятида туғилган, Shark Milk Product МЧЖ технологи ёрдамчиси)га 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш.

Бундан ташқари:

• Б. Р. (эркак, 1992 йилда Сирдарё вилоятида туғилган, Nishon invest МЧЖ директори);

• Ф. Д. (эркак, 1993 йилда Тошкент вилоятида туғилган, Kinder Garden Group МЧЖ директори);

• Д. Қ. (аёл, 1997 йилда Тошкент вилоятида туғилган, Shark Milk Product МЧЖ лаборанти)га 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Суд ҳукми билан судланувчиларга Жиноят кодексининг 45-моддасига асосан муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш белгиланди.

Ўзбекистон