Зангиота туманида солиқ инспекциясининг бош инспектори пора билан ушланди
Ҳар икки ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган

Тошкент вилоятининг Зангиота туманида солиқ инспекциясининг бош инспектори пора билан ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар беради.
Қайд этилиша, Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган ҳамда халқ орасида «Чинни бозор» номи билан танилган «Хўжалик моллари ва ҳунармандлар савдо комплекси«да фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркорнинг (ЯТТ) дўконида солиқ текшируви ўтказилган.
Натижада, тадбиркор савдо тушумларини мобил иловалар орқали ўзининг шахсий банк пластик картасига ўтказиб, ЯТТ ҳисоб рақамига кирим қилмаганлиги аниқланган.
Зангиота тумани Солиқ инспекциясининг бош инспектори эса ЯТТга 160 млн сўм миқдорида жарима қўлланилишини айтиб, уни бартараф этиб бериш эвазига 1000 АҚШ доллари талаб қилган.
Натижада, ўтказилган тезкор тадбирда солиқчининг топшириғи билан тадбиркордан ушбу пул маблағини олган вақтида унинг воситачи ашёвий далиллар билан ушланди.
Бу каби қонунбузилиш ҳолати Фарғона вилоятида ҳам кузатилиб, Бувайда тумани Электр таъминоти корхонаси муҳандиси ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, қуёш панеллари ўрнатиш билан шуғулланувчи тадбиркордан ноқонуний равишда 1000 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланади.
Аниқланишича, муҳандис ўз ҳудудида қуёш панелларини ўрнатиши лозим бўлган хўжалик юритувчи субъектларни мижоз сифатида тадбиркорга йўналтириш, панелларни ўрнатиш бўйича керак бўладиган ҳужжатларни расмийлаштириш ва техник шарт олиб бериш эвазига 5 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.




