Хоразмда иссиқ ҳаво туфайли боғчалар вақтинча ёпилади
Бундан олдин худди шундай чора Қорақалпоғистоннинг бир нечта туманларида жорий этилган эди

Хоразм вилоятидаги барча давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти иссиқ ҳаво туфайли вақтинча тўхтатилади, дея хабар бермоқда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизмати.
Қайд этилишича, Хоразм вилоятида шу ҳафтада ҳаво ҳароратининг 44–45°С гача кўтарилиши кутилмоқда.
Шу муносабат билан, 2026-йил 14 — 17-июль кунлари Хоразм вилоятидаги барча давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти вақтинчалик тўхтатилади.
Давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти 2026-йил 20-июльдан одатий тартибда давом эттирилади.




