«Тошкент шаҳрида моддий ёрдам пуллари фақат ‘темир дафтар’га киритилганларга тарқатилди» — Фурқат Маҳмудхўжаев

Ўзбекистон ҳукумати коронавирус пандемияси даврида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида махсус фармойиш чиқаргани ҳақда хабар берилганди. Унга кўра, ҳудудларда эҳтиёжманд оилаларга икки кун ичида бир миллион сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам пули берилди.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Хусусан, Тошкент шаҳридаги муҳтож оилаларга жами 25 миллиард сўм тарқатилиши кўзда тутилган. 1-августга ўтар кечаси эса ижтимоий тармоқларда Сергели тумани “Ҳумо” маҳалласида юзага келган можароли ҳолатнинг видеолари тарқалди.

Видеода кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли вакиллари маҳалла маъмуриятини давлат томонидан ажратилган моддий ёрдамни тарқатишда адолат ва шаффофлик мезонларига риоя қилмаганликда айблаётгани тасвирланган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Фурқат Маҳмудхўжаев пойтахтда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ёрдам тарқатилиши масаласи юзасидан изоҳ берди.

«Вазирлар Маҳкамасининг 29 июль куни чиқарган фармойишига асосан Тошкент шаҳрига 25 миллиард сўм маблағ ажратилган. Ушбу 25 миллиард сўм маблағлар 30 ва 31 июль кунлари моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатларига киритилганларига тарқатиб берилди. Халқ тили билан айтганда, ‘темир дафтар’га киритилганларга. Ҳозир маҳаллаларда ҳар бир сектор назоратга олган моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатлари ‘темир дафтар’га киритилган.

Aфсуски, тарғибот-ташвиқот ишлари етарли даражада ўтказилмагани, оммавий ахборот воситаларида бу масалани кенг ёрита олмаганимиз сабабли баъзи фуқаролар орасида ушбу моддий ёрдам ўзини қийналиб қолган деб ҳисоблаган барча одамларга тарқатилади, деган хаёлга келинган. Mоддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатлари шаффофлигини таъминлаш учун ‘Саховат аргас’ электрон тизими шакллантирилган. Aйнан мана шу тизимга киритилган муҳтож оилаларга кўмак пуллари тарқатилган. Бошқа масалалар бўйича туман ҳокимликлари, секторлар раҳбарлари фуқаролар қабулини ўтказиб, кимга берилади, ким қандай муҳтож эканлиги тўғрисида амалий ишлар олиб борилмоқда», — деди Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрида «темир дафтар»ларга киритилган 20 841 та оила рўйхати ўзгариб турувчан ҳисобланади. Шунинг учун ҳам туман ҳокимликлари, секторлар раҳбарларига топшириқ берилиб, рўйхатларни доимий равишда янгилаб бориш кўзда тутилган.

Aввалроқ Самарқанд вилояти Нуробод туманида 328 та эҳтиёжманд оилага 1 миллион сўмдан, Булунғур туманидаги эҳтиёжманд оилаларга эса 358 миллион сўмлик ёрдам пули тарқатилгани ҳақда хабар берилганди.

Янгиликлар