Тошкентда коронавирусга чалинган 67 ёшли эркак вафот этди

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида яшаган 67 ёшли эркак 1 август куни ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, фуқаро Қ.Н.да 20 июль COVID-19 тасдиқланган ва нафас етишмовчилиги белгилари кучайиб, Зангиота туманидаги ихтисослаштирилган кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги асоратлари билан кечган.

Бундан ташқари, бемор юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония, артериал гипертензия каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган. Бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Aввалроқ Тошкентда коронавирусга чалинган ва қатор ҳамроҳ касалликлари бўлган бемор вафот этгани ҳақда хабар берилганди.