Қамчиқда тормози ишламай қолган юк машинаси «Cobalt» ва «Matiz» билан тўқнашиб кетди: 2 киши ҳалок бўлди
Қамчиқ довонида йўл-транспорт ҳодисаси юз берди, натижада 2 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар беради.
Ҳодиса 31 июль куни соат 16:00 атрофида А373 «Тошкент-Ўш» автомобиль йўлининг 242-километрида содир бўлган. Аниқланишича, юк машинасининг тормози ишламай қолган. Шу сабабли ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўлакга чиқиб кетган. Натижада юк машинаси «Cobalt» ва «Matiz» билан тўқнашган.
Ҳодиса натижасида автомобиллар жарликка қулаган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари махсус техника ёрдамида автомашиналарни чиқариб олишган.
Маълумотларга кўра, 2 фуқаро воқеа жойида ҳалок бўлган. Ҳозирда мутахассислар суриштирув ишларини олиб бормоқда.