Тошкентдаги 43 мингдан ортиқ хонадонда номаълум муддатга газ ўчирилади
Тошкент туманида табиий газ таъминоти вақтинча ўчирилади. Бу ҳақида туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, 30 октябрь куни соат 8:00 дан туман ҳудудидаги 42 948 та аҳоли хонадони, 610 та улгуржи ташкилот, 41 та ижтимоий соҳа обектида газ таъминоти вақтинчалик тўхтатилади.
Бунга сабаб сифатида газ тармоқларида ёзги диафрагмаларни қишки диафрагмаларга алмаштириш ишлари олиб борилиши кўрсатилган.
Хабарда табиий газ таъминоти «ишлар якунлангунга қадар» тўхтатилиши айтилган. Бироқ иш қачон якунига етиб, газ таъминоти тикланишига аниқлик киритилмаган.