Самарқанд вилоятини кенгайтириш ва Самарқанд туманини тугатиш режалаштирилмоқда

Самарқанд вилоятида, Самарқанд туманини тугатиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси йиғилишида «Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманини тугатиш, Оқдарё, Пастдарғом, Тойлоқ туманлари ва Самарқанд шаҳри чегараларини ўзгартириш тўғрисида»ги Қонунчилик палатаси қарори лойиҳаси кўриб чиқилди.

Самарқандни «Миллионли шаҳар»га айлантириш, замонавий архитектура ечимларига эга турар-жой ва нотурар биноларни қуриш, аҳолининг уй-жойларга бўлган талабини тўла қондириш, ҳудудларни инфратузилма билан таъминлаш орқали аҳолига муносиб яшаш шароитини яратиш мақсадида Самарқанд тумани алоҳида маъмурий-ҳудудий бирлик сифатида тугатилмоқда.

 Чегаралар ўзгартирилиши ҳисобига Самарқанд шаҳри ҳудуди 11,8 минг гектардан 28,9 минг гектаргача кенгайиб, янги инвестиция ва қурилиш лойиҳалари учун кенг имкониятлар яратилаётгани эътиборга молик. Яъни янги туристик лойиҳалар, ўйин майдонлари, аквапарк, ҳаво шарлари, истироҳат боғлари каби кўнгилочар туризм ва дам олиш масканлари ташкил этилади, янги яшил ҳудудлар ва хизмат кўрсатиш объектлари ва логистика марказлари қурилади, — деди ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Диёр Хусанов.

Жамият