Шавкат Мирзиёев Мудофаа вазирлиги қўшинларининг комплекс ҳарбий машқларини кузатди

Ўзбекистон президенти, Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятидаги Махсус операциялар кучлари полигони билан танишди.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда Мудофаа вазирлиги қўшинларидаги барча дала ўқув майдонлари, ҳарбий қисм ва муассасаларда модернизация ишлари олиб борилиб, улар халқаро стандартларга мослаштирилган.

Полигон объектларида шахсий таркибнинг жанговар кўникмаларини такомиллаштириш, тайёргарлик машғулотларини самарали йўлга қўйиш ҳамда маънавий-руҳий барқарорлигини ошириш учун зарур шароитлар яратилган.

Хусусан, президент Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар ва махсус тайёргарлик машғулотларини ва Қуролли Кучлар бўлинмалари билан ўтказилаётган машқларнинг фаол босқичини кузатди.

Ўқув давомида турли қўшинларга мансуб бўлинмаларнинг жанговар имкониятлари ҳамда уларнинг биргаликдаги ҳаракатларининг мувофиқлашганлик даражаси, шунингдек, қўшинлар ва қурол-яроғни бошқаришнинг янги рақамли тизимлари намойиш этилди.

Турли жанговар операцияларни ўтказишда учувчисиз учиш аппаратларидан самарали фойдаланиш усуллари, шунингдек, турли хил ўқув-жанговар вазифаларни бажариш жараёнида артиллерия, авиация, ҳаво ҳужумидан мудофаа ва қуруқликдаги қўшинларнинг биргаликдаги ҳаракатлари кўрсатилди.

Ўқув якунида давлат раҳбари, Қуролли Кучларнинг қўмондонлик таркиби билан бўлган суҳбатда дунёда хавфсизликка таҳдидлар авж олаётган бугунги таҳликали кунларда Қуролли Кучлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, халқ ва армия бирдамлигини таъминлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳарбий соҳадаги ислоҳотларнинг ўзагини ташкил этиши кераклигини таъкидлади.

Ўзбекистон