Тошкентда ФВВ ходимига $30 минг пора таклиф қилган тадбиркор ушланди

Тошкентда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимига пора таклиф қилган корхона раҳбари қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Хусусан, пойтахтда фаолият юритувчи тадбиркор ўзи раҳбарлик қиладиган МЧЖ томонидан Яккасарой туманида барпо этилган, лекин, бир қатор камчиликлари бартараф этилмаган 12 қаватли турар жой мажмуасини фойдаланишга қабул қилиниши бўйича Nazorat.MS.UZ электрон портали орқали тақдим этадиган аризасини ижобий ҳал қилиб бериши эвазига Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси ходимига 30 минг АҚШ доллари миқдорида пора таклиф этади.

Шундан сўнг, ходим ҳолат бўйича масъулларни хабардор қилган. Натижада ўтказилган тезкор тадбир давомида, МЧЖ раҳбари пойтахт ФВББ ходимига ушбу пул маблағини берган вақтида ашёвий далиллар билан ушланади.

Ҳолат юзасидан тадбиркорга нисбатан Жиноят Кодексининг 211-моддаси (пора бериш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон