Наманган шаҳри ҳокими мактаб йиллари ва устози ҳақида гапириб берди

Наманган вилояти Наманган шаҳри ҳокими Олимжон Исаев Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан мактаб йиллари ва устозлари ҳақида «Tez News» мухбирига гапириб берди.

Олимжон Исаев
Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

«Мен Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги собиқ академик Полов номидаги 3-сонли мактабда таҳсил олганман. Мактабда жуда ҳам аъло баҳога ўқимаганман. Аммо қаттиқ ҳаракат қилардим, бошлаган ишимни охирига етказишга интилардим. 7-синфдан 11-синфгача рус тили ва адабиёти ўқитувчиси Ҳаликова Зайнаб Исмаиловна сабоқ берганлар. Айнан шу устозим бизга синф раҳбарлик қилганлар. Мактаб даврида камгап бўлганим учун Зайнаб опа мендан ‘Нега камгапсан?’ деб кўп сўрашлари ҳамон эсимда. Устозим рус тилини пуҳта ўрганишимга, рус адабиёти фанини яхши ўзлаштиришимга, янги қирраларим очилишига катта ҳисса қўшганлар», — дейди ҳоким.

Шаҳар ҳокимининг устози Ҳаликова Зайнаб (1-қатор чапдан биринчи)

Суҳбат давомида мутахассислиги бўйича юрист, агроном-олим, тадбиркор Олимжон Исаев республикадаги бир қатор номдор корхоналарнинг раҳбари бўлгани, ушбу ютуқларга эришишда она тили билан бир қаторда чет тилини, хусусан рус тилини билиши муҳим роль ўйнаганини таъкидлади.

Олимжон Исаев мактаб пайтлари (2-қатордан учинчи)

Олимжон Исаев бугунги кунда ҳоким сифатида мактаб ўқувчилари, битирувчилари билан учрашувларда уларда билим бор, лекин ҳаётга кўникманинг йўқлиги ҳақида тўҳталиб ўтди. Бу ўрганилаётган потенциал билимни ҳаётга татбиқ эта олишдаги кўникманинг мавжуд эмаслигида деб билишини айтди.

«Ҳар бир ёш тил ўрганиш жараёнида ўша тилни эгалланини, амалий кўникмасини билими билан, нотиқлик санъати билан кўрсатиши керак, деб ҳисоблайман. Тил ўрганиш — етук касб эгаси бўлишда энг муҳим восита.

Устозим Зайнаб Исмаилова ҳали ҳаёт. Шу байрам муносабати билан уларни ва барча устозларни муборакбод этаман. Мамлакатимизда, шаҳримизда ёшларга билим бериш учун сидқидилдан меҳнат қилаётган фидойи устозларни касб байрами билан табриклайман. Уларга касбий муваффақият, хотиржамлик ва саломатлик тилаб қоламан», — дейди шаҳар ҳокими.

Аввалроқ Уйчи туман ҳокими мактабдаги устозлари ҳақида гапиргани хабар қилинган эди.

Янгиликлар