«Устозларим оддий ва фидойи инсонлар бўлган» — Уйчи тумани ҳокими мактабдаги устозлари ҳақида гапирди

Наманган вилояти Уйчи тумани ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан мактаб йиллари ва устозлари ҳақида «Tez News» мухбирига гапириб берди.

Муҳаммадаюбхўжа Апақов
Фото: Уйчи туман ҳокимлиги ахборот хизмати

«Буюк алломалардан бири таъкидлаганидек, ‘Дунёда муаллим бўлмаса агар, ҳаёт ҳам бўлмасди гўзал бу қадар’. Мен Чортоқ тумани Ҳазратшоҳ қишлоғидаги собиқ 29-, 30-мактабларда ўқиганман. Устозларим жуда ҳам оддий ва фидойи инсонлар бўлган. Бошланғич синфдаги биринчи устозларим Муллахўжа Ризаев ва раҳматли Турсунжон ая сабоқларини асло унутмайман. Бу табаррук инсонлар бутун қалби ва вужуди билан меҳр ва билим бериб, бизларни комиллик сари етаклаган. Физикадан Турсунпўлат Аҳмедов, кимёдан Абдураҳмон Қосимов, математикадан Абдураҳмон ака Жалолиддинов, Ҳамид ака Шохўжаев ва бошқа устозлар берган сабоқ ҳамон ёдимда.

Муҳаммадаюбхўжа Апақов, Уйчи тумани ҳокими
Фото: Уйчи туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Мен мактабда жуда ҳам аъло баҳоларга ўқимаганман, аммо шўх, лидерлик қобилиятига эга бўлганман. Синф раҳбарисиз ҳам синфдошларимни бошқара олардим. Мактаб давридаги тарихга муҳрланган лаҳзалар бетакрордир. Бу — ҳар бир инсон ҳаётидаги энг олтин давр.

Фурсатдан фойдаланиб, ёш авлод қалбида илму маърифат машъалини ёқиб, баркамоллик сари етаклаётган барча устозлар, ўқитувчи ва мураббийларни касб байрамлари билан самимий муборакбод этаман», — дейди туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов.

Аввалроқ Наманган вилояти Халқ таълими бўлими бошлиғи ва унинг ўринбосари кўкрак нишони билан мукофотлангани хабар қилинган эди.

Янгиликлар