Наманганда Марказий Осиёда ягона бўлган заргарлик маркази очилади

Наманган вилоятида Марказий Осиёда ягона бўлган 6,5 миллион долларлик заргарлик маркази очилади. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси ахборот хизмати

Маълум қилинишича, 28 октябрь куни вилоят ҳокимининг тадбиркорлар билан учрашувида «Gavhar Jewel Group» МЧЖ таъсисчилари Азиз Абдурасулов ва Тимур Ефасов Наманган шаҳрида тилла ишлаб чиқариш заводи ва заргарлик маркази қуриш учун ер сўраб мурожаат қилган.

Орадан уч кун ўтгач, тадбиркорларнинг қиймати 6,5 миллион долларлик лойиҳасини амалга ошириш учун Асадулла Хўжаев кўчасидан ер ажратиб берилган. Қайд этилишича, завод ишга тушгач бир йилда 1,5 тонна заргарлик буюмлари ишлаб чиқарилади. Ускуналар Италия, Германия ва Туркия давлатларидан келтирилади.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси ахборот хизмати

«Туристлар учун алоҳида сувенир типидаги заргарлик маҳсулотларини таклиф этамиз. Сайёҳлар билан ишлашда катта режаларимиз бор», — дейди Тимур Ефасов.

Маълумот учун, Наманганда ҳафтанинг чоршанбаси вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқовнинг ташаббуси билан «Инвесторлар куни» деб эълон қилинган. Шунингдек, йирик «Showroom» дўкони ва заргарлар академияси ҳам ташкил этилиши кўзда тутилган.

Аввалроқ Самарқандда қиймати 21 миллиард 125 миллион сўмни ташкил қилган савдо маркази фаолият бошлаши маълум қилинганди. Шунингдек, Наманганда 6 ой аввал ҳаракатланиш тўхтатилган Норин дарёси кўприги очилди.

Янгиликлар