ХТВ мактабларга энг кўп ёрдам берган вазирлик ва идораларни маълум қилди

Халқ таълими вазирлиги оталиққа бириктирилган умумтаълим мактабларига 2020 йил давомида моддий ва маънавий кўмак берган ТОП–10 вазирлик ва идоралар номини маълум қилди.

Фото: Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, ушбу давлат ташкилотларининг раҳбар ва ўринбосарлари ўзларига бириктирилган умумтаълим мактабларига 2020 йил давомида ташриф буюриб, халқ таълими соҳасининг ҳамкорларига айланган.

Хусусан, Миллий олимпия қўмитаси ёрдамида Олмазор туманидаги 234-сонли мактабда Инновацион технология хонаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги кўмагида Юнусобод тумани 250-сонли мактабда «SMART» хоналари ташкил этилган бўлса, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Юнусобод тумани 302-сонли ҳамда Ички ишлар вазирлиги томонидан 58-сонли мактабда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилган.

Шунингдек, Учтепа тумани 74-сон мактаби («Ўздонмаҳсулот» АЖ)нинг таъмирталаб пол қисмлари замонавий таъмирланди. Чилонзор туманидаги 173-сон умумтаълим мактабининг 4 та синф хонаси «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ёрдами билан мукаммал таъмирланди, ўқувчилар учун спорт майдончасига ускунлар ўрнатилди ҳамда кенг кўламдаги ободонлаштириш ишлари амалга оширилган.

Бундан ташқари, Шайхонтоҳур туманидаги 132-, 136-, 141- ва 180А-сонли мактабларда «Ўзбекнефтегаз» АЖ раҳбар ва ўринбосарлари томонидан кўплаб бадиий адабиётлар, замонавий компьютер техникалари (принтер, электрон доска, рангли нусха кўчириш ускунаси ва бошқалар) совға қилинган. Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси томонидан Сергели туманидаги 269- ва 277-сон умумтаълим мактаблари учун антисептик воситалари (дозатор, пирометр, тиббий ниқоблар ва бошқалар) етказиб берилган. Шунингдек, Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси оталиққа олган мактаблари (Юнусобод тумани 12-, 21- ва 43-сонли умумтаълим мактаблари)га кузатув камералари ва ёнғинга қарши ўт ўчириш воситалари етказиб берган.

Таъкидланишича, Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан Учтепа туманидаги 123-, 129-, 197- ва 203-сонли умумтаълим мактабларида ўқитувчилар нуфузини оширишга, ўқувчиларни касбга йўналтиришга қаратилган давра суҳбатлари ўтказилди. Шунингдек, хорижий тилларда чоп этилган қимматбаҳо бадиий адабиётлар, компьютер жамланмалари, антисептик воситалар ва ўқув қуроллари совға қилинган.

«Халқ таълими вазирлиги умумтаълим мактаблари ўқитувчилари жамоаси ҳамда ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари номидан 2020 йилда халқ таълими соҳасини қўллаб-қувватлагани учун вазирлик ва идораларга самимий миннатдорчилик изҳор қилади», дейилади хабарда.

Аввалроқ Ўзбекистондаги мактабларда вақтинча ўтилмаётган фанлар қачондан давом этиши маълум бўлганди.