Ўзбекистондаги 100 дан ортиқ мактабларда «Хавфсиз мактаб» тизими жорий этилади

Умумтаълим мактабларида ўқувчилар давоматини электрон ҳисобга олиш тизими лойиҳаси концепциясини амалга ошириш доирасида Тошкентдаги 100 дан ортиқ мактабларга «Хавфсиз мактаб» лойиҳаси доирасида «Face ID – Юздан таниш» технологияларига асосланган электрон давомат тизими жорий этилмоқда.

Фото: ХТВ

Таъкидланишича, ушбу тизим инсон юзидан таниш технологияси асосида ишлаши ҳамда тўсиқли турникетлар, пластик карталар ва бошқа ускуналар талаб этилмаслиги ва жойлаштирилмаслиги сабабли ўқувчиларнинг мактаб ҳудудига кириш ва чиқишлари жараёнини тўсиқсиз ва хавфсиз ташкил этиш имконини беради. Шу билан бирга, бирор-бир ўқувчи қайсидир сабабга кўра мактабга келмаса ёки кечга қолиб келса, ушбу ҳолат бўйича маълумот марказий серверда автоматик равишда акс эттирилади. Бу эса мактабда ўқувчилар қатнови тўғрисида маълумотлардан онлайн тартибда мактаб маъмурияти, ҳудудий халқ таълими идоралари ва вазирликка хабардор бўлиб туришлари имконини беради.

Тизимнинг асосий афзалликларидан бири шундаки, мактаб ҳудудига бегона шахсларнинг кириб чиқиши назорат остида бўлади. Яъни мактаб ўқувчилари ва ишчи-ходимлари базасида йўқ бўлган шахслар мактаб ҳудудига кириши биланоқ бу ҳақда мактаб директори ва бошқа масъул шахслар хабардор бўлади.

Фото: ХТВ

«Хавфсиз мактаб» лойиҳаси Халқ таълими вазирлиги томонидан давлат-хусусий шериклик асосида жорий қилинмоқда. Ўқувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг бошқа қонуний вакилларига фарзандларининг мактаб ҳудудига киришлари ва чиқишларини ягона тизим орқали кузатишлари учун имконият яратилади. Мазкур хизматдан фойдаланиш тўлиқ ихтиёрий бўлиб, ундан фойдаланиш истагида бўлганлар тизимда рўйхатдан ўтишлари ва лойиҳани амалга оширувчи хусусий шерик томонидан белгиланадиган тўловни амалга оширишлари лозим бўлади.

Мазкур тизим Президентининг «‘Рақамли Ўзбекистон—2030’ стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига асосан республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2022–2023 йилларда қуриладиган боғча, мактаб ва ОТМлар сони маълум бўлган эди. Шунингдек, мактабларда вақтинча ўтилмаётган фанлар қачондан давом этиши маълум қилинган.