Ўзбекистонда 2022–2023 йилларда қуриладиган боғча, мактаб ва ОТМлар сони маълум бўлди

Ўзбекистонда 2022–2023 йилларда 22 та боғча, 31 та мактаб ҳамда 16 та олий таълим муассасаси қурилиши маълум қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Huquqiy axborot» Telegram каналида хабар берилди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, бу Шавкат Мирзиёевнинг 28 декабрь куни қабул қилинган «2021–2023 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига киритилган.

Қарор билан 2021 йилда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантиришнинг асосий параметрлари ва 2022–2023 йиллар учун мақсадли мўлжаллар тасдиқланди. Шунга кўра, белгиланган йилларда республикада, жумладан:

  • 22 та боғча (жами 2 970 ўринга эга), 31 та умумтаълим ва ихтисослаштирилган мактаб (жами 13 934 ўқув ўрнига эга), 16 та ОТМ (жами 9 300 ўқув ўрнига эга) янги қурилади;
  • жисмоний тарбия ва спорт объектларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш бўйича жами 55 та лойиҳа (шундан 23 таси янги қурилиш) амалга оширилади;
  • 11 та маданият ва санъат объектлари янгидан қурилиб, 7 таси реконструкция қилинади;
  • соғлиқни сақлаш объектларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича жами 131 та лойиҳа (шундан 24 таси янги қурилиш) амалга оширилади.

Шунингдек, илм-фан ва инновацион объектларни ривожлантириш бўйича 14 та лойиҳа амалга оширилади. Хусусан, 2021–2022 йилларда Тошкент шаҳрида Халқаро молекуляр аллергология марказини қуриш назарда тутилган. Бундан ташқари, темир йўл ва метрополитен йўлини ривожлантириш чоралари ҳам кўрилади.

Аввалроқ Сенат мажлисида 2021 йилги давлат бюджети тасдиқлангани ва Ўзбекистонда ўтган 9 ойда қанча бюджет маблағлари асоссиз сарфлангани маълум бўлганди.

Шунингдек, Ўзбекистонда иқтисодий соҳада 2019–2020 йилларда 2,5 мингга яқин коррупционер мансабдорлар жавобгарликка тортилгани ҳамда Ўзбекистонда ўтган икки йилда қанча мансабдор шахс коррупциявий жиноятларни содир этгани хабар қилинганди.