Сенат мажлисида 2021 йилги давлат бюджети тасдиқланди

Тошкент шаҳрида 18 декабрь, жума куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги мажлисида 2021 йилги давлат бюджети маъқулланди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Қайд этилишича, «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонун билан келгуси йил учун асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар ва консолидациялашган Давлат бюджети прогнозлари ҳамда 2022–2023 йиллар учун бюджет мўлжаллари белгиланмоқда.

Давлат бюджети даромадлари 147,2 триллион сўм ёки ялпи ички маҳсулотнинг 21,3 фоиз миқдорида белгиланмоқда. Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари 26,2 триллион сўм, харажатлари эса 40,8 триллион сўм миқдорида режалаштирилган.

Давлат мақсадли жамғармаларига республика бюджетидан 15,9 триллион сўм маблағ ажратиш ҳам белгиланган. Жумладан, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси даромадлари 23,5 триллион сўм, харажатлари 36,5 триллион сўмни ташкил этгани ҳолда буджетдан 14,7 триллион сўм ажратилиши режалаштирилган.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Таъкидланишича, макроиқтисодий сиёсатнинг асосий йўналиш ва кўрсаткичлари келгуси йилда ҳам коронавирус пандемияси давом этиши тахминларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилган. Бунда асосий эътибор макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш, фискал рағбатлантириш чораларини мўътадиллаштириб бориш, иқтисодий ўсиш суръатларининг 5 фоиздан юқори бўлишини таъминлашга қаратилган.

Шунингдек, инфляция даражасининг пасайиш тенденцияси давом этиши ва келгуси йилда унинг 10 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. Ушбу ривожланиш кўрсаткичларига ҳар бир соҳада бошланган таркибий ислоҳотларни сифатли давом эттириш орқали эришиш назарда тутилган.

Бундан ташқари юқорида қайд этилганлардан келиб чиқиб, 2021 йилда Консолидациялашган бюджет даромадлари 178,5 триллион сўмга ёки ялпи ички маҳсулотнинг 25,9 фоизи даражасида прогноз қилинган.

Маълум қилинишича, Давлат бюджетидан ижтимоий соҳаларга, хусусан, таълим соҳаси харажатларига 34,6 триллион сўм, Соғлиқни сақлаш соҳасига 19,6 триллион сўм, Маданият ва спорт соҳаси харажатларига 2,6 триллион сўм ва фанни янада ривожлантириш тадбирлари учун 1,2 триллион сўм йўналтириш режалаштирилган.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Давлат дастурлари орқали эса узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш дастурлари учун 2 197 милкиард сўм, фанни ривожлантириш дастурларини амалга ошириш учун 168 миллиард сўм, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш учун 3 952 миллиард сўм маблағ ажратиш режалаштирилган.

Шунингдек, жамоатчилик ва парламент назоратини кучайтириш чоралари доирасида қонунда илк бор биринчи даражали буджет маблағларини тақсимловчилари бюджетида давлат дастурлари учун ажратилаётган маблағлар алоҳида кўрсатилиши назарда тутилган.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи қанчалиги маълум бўлгани ва Ўзбекистоннинг 1-ярим йилликдаги ташқи қарзи миқдори маълум бўлганди. Шунингдек Ўзбекистонда Давлат қарзига хизмат кўрсатиш бўйича кафолат жамғармаси ташкил этилиши хабар қилинганди.

Янгиликлар