Ўзбекистонда иқтисодий соҳада 2019—2020 йилларда 2,5 мингга яқин коррупционер мансабдорлар жавобгарликка тортилди

Бош прокуратура биносида 7 ноябрь, шанба куни коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган идоралараро йиғилишда Ўзбекистонда ўтган 2 йилда 371 миллиард сўм бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқлангани маълум қилинган. Бу ҳақда йиғилишда иштирок этган «Tez News» мухбири хабар берди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, ўтган икки йилда республика бўйича 371 миллиард сўм бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланиб, бунинг учун 2477 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.

Йиғилишда бюджет маблағларининг рационал тақсимланиши ва мақсадли ишлатилиши юзасидан давлат назоратига масъул молия органларида юклатилган вазифалар талаб даражасида бажарилмаётганлиги танқид остига олинди. Ўтган икки йилда молия органларининг 41 нафар ходими коррупция ҳолатлари учун жиноий жавобгарликка тортилган.

Хусусан, Давлат молиявий назорати департаментининг Сурхондарё вилояти бошқармаси бош назоратчи-тафтишчиси Н. Узун қурилиш коллежида аниқланган 265 миллион сўмлик камомадни яшириш эвазига коллеж бош ҳисобчиси А.дан 2000 доллар ва 500 минг сўм олганлиги учун суд ҳукми билан жазога тортилган.

Бундан ташқари, Ғазначиликнинг Андижон вилояти бошқармаси мансабдор шахслари ходимларга иш ҳақи бериш важи билан банкдан 1 миллиард сўм ортиқча пул олишга эришиб, уни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборганлиги юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ўтказилмоқда. Шунингдек, вазирлик тизимидаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг 22 нафар ходими пенсия учун ажратилган маблағларни талон-торож қилганлиги ва бошқа суиистеъмолчиликлари учун жиноий жавобгарликка тортилган. Жамғарманинг Пискент тумани бўлими бош инспектори М. «Халқ банки» кассири Ҳ. билан бирга, 142 нафар вафот этган фуқаролар номига пенсия расмийлаштириб, жами 86 миллион сўмни ўзлаштириб юборган.

Аввалроқ Бош прокурор ўтган 2 йилда 166 нафар банк мансабдори муҳтожларга ажратилган маблағларни талон-торож қилгани айтилган эди.

Янгиликлар