Ўзбекистонда Президент мактаблари халқаро мактаб мақомини олди

Ўзбекистоннинг Нукус, Хива, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи Президент мактаблари бир вақтда Cambridge Assessment International Education ташкилоти аккредитациясидан ўтди ва Cambridge International School (Cambridge халқаро мактаби) мақомига эга бўлди. Бу ҳақда «UzA» нашри хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Cambridge International School мақомини олиш Президент мактабларининг ўқув режалари ва имтиҳон жараёнлари Cambridge ўқув дастурининг талаб ва стандартларига мувофиқлигини тасдиқлайди.

Аккредитация жараёни бир неча босқични ўз ичига олади. Охирги босқичда Cambridge Assessment International Education мутахассислари таълим муассасасига ташриф буюриб, аккредитация тўғрисида қарор қабул қилишади. COVID-19 пандемияси муносабати билан британиялик мутахассислар Президент мактабларига «виртуал ташриф» ўтказди ва таълим муассасаларини аккредитация қилиш тўғрисида ижобий қарор қабул қилди.

Хабарда айтилишича, Президент мактаблари ўқувчилари умумий ўрта таълим аттестати билан биргаликда, Буюк Британия ва бошқа мамлакатларда университетга кириш имкониятини берувчи А-Level (илғор ўрта таълим тўғрисидаги) сертификатини ҳам олади.

А-Level — бу Буюк Британия таълим тизимига оид таълим дастури бўлиб, дастурни тамомлаганлар тўлиқ ўрта маълумот сертификатига эга бўлади.

Ўқувчилар ўқиш натижаларига кўра имтиҳон топширади ва А-Level сертификатини олади. Шундан сўнг сертификат эгалари олий таълим муассасаларининг бакалавриат дастурларида қабул қилиниши мумкин. А-Level имтиҳонлари натижаларига кўра, университетларнинг қабул комиссиялари абитуриентнинг билим ва кўникмаларини баҳолайди ва олий таълим муассасасига қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Маълумот ўрнида, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги (PIIMA) ва Президент мактаблари маъмурияти 2020 йил бошида Cambridge Assessment International Education аккредитациясини олиш бўйича тайёргарлик кўришни бошлаган эди.

Аввалроқ Ўзбекистонда таълимнинг Миллий ўқув дастури ишлаб чиқилиши ва Олтиариқда салкам 4 млрд сўмга таъмирланган мактаб фойдаланишга топширилгани хабар қилиганди

Янгиликлар