Олтиариқда салкам 4 млрд сўмга таъмирланган мактаб фойдаланишга топширилди (фото)

Фарғона вилояти Олтиариқ туманида 3 миллиард 728 миллион сўмга реконструкция қилинган 20-умумтаълим мактаби фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Олтиариқ туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Хабарга кўра, иншоотнинг синф хоналари, компьютер, лаборатория ва фан кабинетлари, ахборот-ресурс маркази замонавий жиҳозланган. Мактаб кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган. Маълум қилинишича, мазкур мактабда ҳозирда 95 нафар устоз-мураббий 1300 дан зиёд ёшларга таълим-тарбия бериб келмоқда.

Фото: Олтиариқ туман ҳокимлиги матбуот хизмати

«Президент раҳнамолигида таълим тизимини ислоҳ қилиш, айниқса, умумтаълим мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда. Мактаб биносининг қайта реконструкция қилиниши ва замонавий жиҳозланиши ҳам баркамол авлодга кўрсатилаётган доимий ғамхўрлик ифодасидир. Бу ерда ўқувчиларга билим ва тарбия бериш ишларини янада яхшилаш учун барча шароит яратилган», — дейди мактаб директори.

Фото: Олтиариқ туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Аввалроқ Нурободда янги мактаб филиали ва Иштихонда 100 ўринли янги боғча фойдаланишга топширилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Жондорда 4 миллиард сўмдан ортиқ пулга болалар-ўсмирлар спорт мактаби қурилгани ҳамда Ромитанда 210 ўринли янги мактаб биноси фойдаланишга топширилгани маълум қилинганди.