Дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 18 млн кишидан ошди

Дунёда коронавирус пандемияси бошлангандан буён 18 миллиондан ортиқ киши COVID-19 инфекциясини юқтириб олди. «Worldometer» сайтидаги сўнгги янгиланишлар шундан далолат бермоқда.

Фото: «Getty Images»

Маҳаллий вақт билан соат 13:00 ҳолатига кўра, дунёда коронавирусга чалинганлар сони 18 033 990 кишига етган. Беморларнинг 689 070 нафари вафот этган, 11 338 967 нафари соғайган. Aйни пайтда дунё бўйлаб ўлим даражаси 6 фоизни ташкил этмоқда. Ҳозирда 6 005 953 киши касалликдан даволанмоқда.

AҚШ дунёда коронавирус билан зарарланиш бўйича биринчи ўринда бормоқда. Мамлакатда 4 764 522 киши вирус юқтирган. Шунингдек, Бразилия 2 708 876 нафар бемор билан иккинчи, Ҳиндистон эса 1 754 117 бемор билан учинчи ўринда турибди.

Ўзбекистонда 2 август соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 25 040 нафарни ташкил этган. Aйни пайтга қадар 15 299 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар (61 фоиз) соғайган. Ҳозирда 9592 нафар беморга шифокорлар томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.

Маълумот ўрнида, SARS-CoV-2 янги коронавируси 2019 йилнинг декабрь ойида Хитойнинг Хубей провинсиясидаги Ухан шаҳрида аниқланган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 11 март куни COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишини пандемия деб эълон қилган.

Янгиликлар