Ўзбекистонда тиббиёт ОТМларида анъанавий шаклда ўқиш бошланди

Ўзбекистонда 2 октябрдан бошлаб тиббий олий таълим муассасаларининг бакалавриатдаги битирувчи курслари ҳамда магистратура ва клиник ординатура (резидентура) талабалари учун анъанавий шаклда ўқиш бошланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «adti.uz»

Қайд этилишича, 2020 йил 22 сентябрдаги Республика Махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ, 2 октябрдан бошлаб тиббий олий таълим муассасаларининг бакалавриатдаги битирувчи курслари ҳамда магистратура ва клиник ординатура (резидентура) талабалари учун анъанавий шаклда ўқишлар бошланган. Коронавирус пандемияси даврида тиббиёт ходимларига талаб юқорилигини инобатга олиб, Республика махсус комиссияси шундай қарорга келган.

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус вазирлигининг коронавирус пандемияси даврида тиббиёт ходимларига талаб юқорилигини инобатга олиб, тиббий олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишининг битирувчи курслари ҳамда магистратура ва клиник ординатура (резидентура) талабалари учун 2020 йилнинг 1 октябридан ўқув жараёнларини анъанавий шаклда бошлаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин», — дейилади Махсус комиссия қарорида.

Эслатиб ўтамиз, бугунгача республикада коронавирус пандемияси сабаб ОТМлар фаолияти масофавий шаклда олиб борилаётганди. Мактаб ва боғчалар эса босқичма-босқич очила бошлаган.

Янгиликлар