Ўзбекистонда 1-курс талабалари ҳам янги ўқув йилини масофавий ўқиш билан бошлайди

Ўзбекистонда 2020/2021 ўқув йили қай тарзда ўтиши маълум қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Хабарга кўра, Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтган. Анжуманда 2020/2021 ўқув йили қай тарзда ўтиши ҳақида вазирликнинг бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов маълумот берган.

Маълум қилинишича, 1-курс талабаларининг ҳужжатлари тўлиқ расмийлаштириб бўлингач, 12 октябрдан бошлаб ўз ҳудудларида танишув дарслари ташкил этилади. Айни жараён ҳафтасига 3 кундан 2 ҳафта давом этади. Бунда талабаларнинг 50 фоиздан ортиғи аудиторияга киритилмайди ва 2 парадан ортиқ бўлмаган дарслар ташкил этилади. Ҳар парада 10 дақиқадан танаффус берилади.

Мисол учун, Тошкент давлат техника университетига Самарқанд вилоятидан ўқишга кирган талабалар учун Самарқанд вилоятидаги олий таълим муассасаларидан бирида дарслар ташкил этилади. Унда пойтахтдан профессор-ўқитувчилар бориб, танишув дарсларини ўтади. Талабаларга олий таълим муассасаси ҳақида маълумот берилиб, дарс жадвали, кимлар дарс бериши, тўлов-шартнома, масофавий таълимнинг олиб борилиши каби масалаларга ойдинлик киритилади.

Олий таълим муассасалари платформаси ташкил этилган. Лекин бугунги кунда олис ҳудудлар, интернет тезлиги яхши бўлмаган ҳудудлар учун туман марказларида компьютер синфлари ташкил этиляпти. Бу ерда талабалар барча имкониятлардан тўлиқ фойдаланиши мумкин.

Маълум бўлишича, битирувчи курслар, магистратура юқори курс талабаларининг бир жойга бориб амалиёт ўташи — бугунги кунда баҳсли масала. Педагогика йўналишида ўқиётган талаба мактабларга бориб амалиёт ўташи борасида амалиёт ўташ керак бўлган касб йўналишлари юзасидан вазирлик томонидан таклифлар ишлаб чиқиляпти.

Маълумотларга кўра, узоқ ҳудудлардан ОТМга келиб ўқийдиган талабалар ётоқхонада туришга эҳтиёжи бор. Бу эса пандемиологик ҳолат юзасидан мумкин эмаслиги учун айни вақтда масофавий ўқитиш ишлари давом эттирилади.
Қайд этилишича, ўқишни кўчиришда 5 минг талабгор синовлардан ўта олган. 2020/2021 ўқув йилида хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларидан республика олий таълим муассасаларига ўқишини кўчириш бўйича 12 минг нафардан ортиқ талаба ариза билан мурожаат қилган.

Онлайн тест синовлари 5—6 сентябрь кунлари республиканинг 13 та ҳудудидаги 19 та олий таълим муассасасида ташкил этилган. Имтиҳонларда 10 минг нафардан ортиқроқ талаба иштирок этган. Шундан 5 мингдан ортиқ талаба онлайн тест синовларида тўплаган балига кўра ўқишини Ўзбекистонга кўчиришга рухсат этилган.

Ўтказилган онлайн тест синовлари якунига мувофиқ, 2020/2021 ўқув йили учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги олий таълим муассасаларига ўтиш бали 56,7 этиб белгиланган. Тасарруфида олий таълим муассасаси мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар томонидан янги ўқув йили учун ўтиш баллари маълум қилинган. 5 мингдан ортиқ талабгорнинг ўқишни кўчириши ижобий ҳал этилган.

Ҳозирги кундаги пандемия ҳолатлари, карантин чекловлари сабабли белгиланган муддатларда махсус синовларда иштирок этиш учун хорижий давлатлардан етиб келолмаган талабалар учун 2020 йил октябрь ойининг биринчи ўн кунлигида онлайн тест синовлари ўтказилади. Тест синовларида белгиланган муддатларда ўқишини кўчириш бўйича рўйхатдан ўтган, бироқ 2020 йилнинг 5—6 сентябрь кунлари ўтказиладиган синовларда иштирок эта олмаган фуқароларгина иштирок этади.

Аввалроқ хориждан Ўзбекистон ОТМларига ўқишини кўчираётган талабалар учун имтиҳон тартиби маълум қилингани, Бухорода 2248 нафар абитуриент кириш имтиҳонида қатнашмагани ҳамда 69 нафари синовдан четлаштирилгани ҳақида хабар берилганди.