Хориждан Ўзбекистон ОТМларига ўқишини кўчираётган талабалар учун имтиҳон тартиби маълум қилинди

Ўзбекистон таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 3-сонли мажлис баёни қарорига мувофиқ хориждан Ўзбекистонга ўқишини кўчираётган талабалар учун имтиҳон тартиби маълум қилинди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, махсус (онлайн) тест синовлари (касбий (ижодий) имтиҳонлар) 2020/2021 ўқув йили учун белгиланган тартибда тасдиқланган республика олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишлари фанлар мажмуаси (кириш имтиҳони дастурлари) ҳамда баҳолаш мезонларига мувофиқ ўтказилади.

Алоҳида иқтидор талаб этиладиган бакалавриат таълим йўналишларига талабалар ўқишини кўчириш ва кўчириб қайта тиклаш учун ариза топширган фуқаролар тегишли олий таълим муассасасига мурожаат қилади.

Хорижий ОТМлардан талабалар ўқишини Ўзбекистон ОТМларига кўчириш ва кўчириб қайта тиклаш учун махсус (онлайн) тест синовлари (касбий (ижодий) имтиҳонлар) адолатли ва шаффоф ўтказилиши ҳамда уларнинг натижалари бўйича ўтиш баллини белгилаш юзасидан шахсий масъулият тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларнинг биринчи раҳбари зиммасига юкланади.

Қайд этилишича, Давлат комиссияси баёни қарори билан хорижий ОТМлардан ўқишини кўчириш истагини билдирган фуқароларнинг паспортларида муайян хорижий ОТМ жойлашган давлатга ўқиш даврига мос муддатда кириш-чиқиш белгилари бўлмаган тақдирда уларнинг ўқишини кўчиришга рухсат берилмаслиги белгилаб қўйилди.

Эслатиб ўтамиз, хорижий ОТМ ва республикадаги нодавлат ОТМлардан ўқишини Ўзбекистонга кўчириш ва кўчириб қайта тиклаш истагини билдирган фуқаролар 5 сентябрдан имтиҳон топширади.

Аввалроқ хориждан Ўзбекистонга ўқишини кўчираётган талабалар учун имтиҳон санаси маълум қилингани, карантин чекловлари сабаб имтиҳонни ўтказиб юборса, улар учун қайта имтиҳон ташкил этилиши хабар қилинган эди.

Янгиликлар