Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесига янги раис сайланди

Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесига Мурат Камалов раис этиб сайланди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Хабарга кўра, Нукус шаҳрида Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари саккизинчи сессияси бошланди. Йиғилишни Жўқорғи Кенгес Раисининг ўринбосари Aтабек Давлетов очган. Шунингдек, сессиянинг котибияти сайланиб, кун тартиби тасдиқланган, Оқсоқоллар кенгаши ва Ҳисоб-саноқ комиссияси таркиби тузилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Оқсоқоллар кенгашининг қарорига мувофиқ, Жўқорғи Кенгес раиси лавозимига Камалов Мурат Қаллибекович номзоди тавсия этилган. Хабарда айтилишича, Президент ҳозирги мураккаб пайтда раҳбар бўлиш осон эмаслигини, Қорақалпоғистонни ривожлантириш бўйича бошланган ишлар 2-3 карра кўпайтириб давом эттирилишини таъкидлаган.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Мурат Камаловни кўп йиллардан бери танийман. У аввало ҳалол одам, ватанпарвар одам. Қаерда ишлаган бўлмасин, қорақалпоқ элининг дарди билан яшаганига гувоҳман. Энг асосийси шу. Бошқаси тажриба билан келади. У отаси Қаллибек Камалов, марҳум Муса Ерниязов ишларини давом эттириб, халқни рози қилади, деб ишонаман», — деди Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, Шавкат Мирзиёев Мурат Камаловнинг инсоний фазилатлари, фидойилиги ва раҳбарлик қобилиятини ҳисобга олиб, унинг номзодига розилигини билдирган.

Шунингдек, Жўқорғи Кенгес депутатлари, жамоатчилик вакиллари сўзга чиқиб, номзодни қўллаб-қувватлаган. Қайд этилишича, яширин овоз бериш йўли билан Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси Раиси лавозимига Мурат Камалов сайланган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Aввалроқ Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг сессиясида иштирок этиш учун Нукусга жўнаб кетгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар