Қорақалпоғистон ССВ Муса Ерниязовнинг ўлими сабабини маълум қилди
Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязовнинг вафот этгани ҳақда хабар берилганди. Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Муса Ерниязов ўткир нафас олиш ва юрак-қон томир этишмовчилигидан вафот этганини маълум қилди.
Таъкидланишича, 30 июнь куни Муса Ерниязов Нукус интенсив жарроҳлик бўлимига олиб борилган. Касалликнинг кучайиб бораётгани туфайли оғир аҳволда реанимация бўлимига ётқизилган. Беморга икки томонлама интерстициал пневмония, оғир конвулсиялар ташхиси қўйилган. Касаллик ўткир нафас олиш бузилиши синдромининг асоратлари, ўткир нафас етишмовчилиги билан бирга кечган.
Шунингдек, у бир неча йиллардан бери диабет, гипертония ва юрак-қон томир касалликлари билан оғриган. Шифохонада беморнинг даволаниши давомида шифокорлар томонидан консултация ва консилиумлар қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган.
Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи асосий касаллик ҳисобига кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.
Эслатиб ўтамиз, 18 июль куни Муса Ерниязовнинг коронавирусга чалингани тасдиқланганди. 25 июль куни унинг вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Тез орада бу хабарларнинг дастлабки манбаси сифатида кўрсатилган «Repost.uz» сайти хакерлар ҳужумига учрагани маълум бўлди ва сайтнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида раиснинг 20 июль куни вафот этгани ҳақидаги хабар рад этилганди. Кейинроқ Муса Ерниязовнинг аҳволи оғир деб баҳоланаётгани ҳақида хабар берилди. Таъкидланишича, Жўқорғи Кенгес раиси ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратига уланган бўлган.
Aввалроқ Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, Бухоро вилояти ҳокими Карим Камолов, адлия вазири маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова коронавирусга чалингани ҳақда хабар берилганди. Шунингдек, соғлиқни сақлаш вазири Aлишер Шодмонов, Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсуновнинг касал эканлиги маълум қилинган.