Екатеринбургда ЙТҲ оқибатида ўзбекистонлик 5 ёшли бола ва 27 ёшли аёл вафот этди
Россиянинг Екатеринбург шаҳрида 1 декабрь куни йўлнинг сирғанчиқ қисмида Ўзбекистон фуқаролари кетаётган «Volkswagen Polo» автоҳалокатга учради. Оқибатда беш ёшли бола ва 27 ёшли аёл вафот этди. Бу ҳақда «Дунё» хабар берди.
Ўзбекистоннинг Екатеринбургдаги Бош консуллиги хабар беришича, йўл транспорт ҳодисаси оқибатида Ўзбекистон фуқаролари — 27 ёшли аёл ва беш ёшли бола вафот этган. Яна беш нафар Ўзбекистон фуқаролари оғир жароҳатлар билан Екатеринбургнинг 9 ва 23-касалхоналарига ётқизилган.
«Ҳозирда шифокорлар ўта оғир аҳволда бўлган машина ҳайдовчиси, вафот этган боланинг онаси устида операцияларни амалга оширмоқда», дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон Бош консуллиги ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонаси ходимлари пайдо бўлган муаммоларни жойида ҳал қилиш учун касалхоналарга етиб боришган.
Аввалроқ Россияда қурилиш майдончасининг 2-қаватидан тушиб кетган ўзбекистонлик ишчи вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Мазкур ҳолат юзасидан шаҳар прокуратураси текширув ўтказган. Текширув давомида ушбу қурилиш компанияси хавфсизлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига жавоб бермаслиги аниқланган.