Россияда қурилиш майдончасининг 2-қаватидан тушиб кетган ўзбекистонлик ишчи вафот этди

Россиянинг Қозон шаҳрида ўзбекистонлик ишчи қурилиш майдончасидан йиқилиб вафот этди. Бу ҳақда «Московский комсомолец» нашри хабар берди.

Фото: Россия Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати

Таъкидланишича, ушбу ҳодиса Қозон шаҳрининг Глушко кўчасида содир бўлган. Ўзбекистон фуқароси қурилаётган автотураргоҳнинг иккинчи қаватидан қулаб тушган. Оқибатда олган жароҳатлари натижасида воқеа жойида вафот этган. Фуқаро ҳамкасбларининг сўзларига кўра, у Ўзбекистондан Татаристонга ишлаш учун келган.

Мазкур ҳолат юзасидан шаҳар прокуратураси текширув ўтказган. Текширув давомида ушбу қурилиш компанияси хавфсизлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига жавоб бермаслиги аниқланган.

Аввалроқ Жиззахда 69 ёшли аёл қудуққа тушиб кетгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Фарғонада қурувчи ўзи қазиган 12 метрлик чуқурда қолиб кетгани ҳамда Москвадаги савдо марказида ўзбекистонлик болалар эскалатордан йиқилиб тушгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар