Жиззахда 69 ёшли аёл қудуққа тушиб кетди

Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида 24 ноябрь куни 69 ёшли аёл уй қудуғидан сув олиб чиқмоқчи бўлиб, қудуқ ичига тушиб кетди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, 24 ноябрь куни эрталаб соат 07:30 да Ғаллаорол тумандаги Лалмикор МФЙ ҳудудида истиқомат қилувчи 69 ёшли фуқаро уй қудуғидан сув олиб чиқмоқчи бўлиб, эҳтиёцизлик оқибатида қудуқ ичига тушиб кетган.

Воқеа содир бўлган жойга зудлик билан катта лейтенант Баҳодир Норбобоев бошчилигидаги Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вилоят бошқармаси қутқарув гуруҳи етиб борган. Қудуқнинг чуқурлиги 19 метрни ташкил этади.

Қутқарувчи Шодиёр Ҳайдаров махсус арқон ёрдамида қудуққа тушиб, кекса аёлни хавфсиз олиб чиққан. У дарҳол касалхонага юборилган. Жабрланувчи жиддий жароҳатлар олмаган, Шифокорлар унинг ҳолатини ижобий деб баҳоламоқда.

Aввалроқ Фарғонада қурувчи ўзи қазиган 12 метрлик чуқурда қолиб кетгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, учқўрғонлик ҳайдовчи «Damas» машинасида Фарғона каналига тушиб кетгани хабар қилинган.

Янгиликлар