Қамчиқ довонида «Damas» билан тўқнашган юк машинаси хандаққа тушиб кетди
Қамчиқ довонида «Isuzu» юк машинаси «Damas» билан тўқнашиши оқибатида хандаққа тушиб кетди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 20 октябрь, сешанба куни соат 01:22 да «Қамчиқ» махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқамаси навбатчи-диспетчерига А-373 Тошкент—Ўш автомобиль йўлининг 224 километрида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганлиги хабари келиб тушган.
Хабарга кўра, Водий—Тошкент йўналишда ҳаракатланган «Isuzu» юк машинаси ҳамда «Damas» машинаси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Оқибатда юк машинаси йўл четидаги хандаққа тушиб кетган.
Мазкур вазият юзасидан воқеа жойига «Бешқўл» навбатчилик масканидан қутқарувчилар, йўл патруль хизмати ҳамда тез тиббий ёрдам ходимлари етиб борган. Содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида икки нафар фуқаро тан жароҳати олган. Фуқаролар Поп тумани Марказий шифохонасига етказилгани маълум қилинди.
Аввалроқ Қамчиқ довонида«KIA» юк машинаси хандаққа тушиб кетганди. Шунингдек, Водий—Тошкент автомобиль йўлида «Isuzu» йўл ўртасидаги темир тўсиққа бориб урилиши оқибати ёнғин келиб чиққанди. Ҳодиса оқибатида икки киши воқеа жойида вафот этгани хабар қилинган.