Ўзбекистонда бюджет жараёни шаффофлигига риоя қилмаган мансабдор шахслар жаримага тортилади

Ўзбекистонда бюджет жараёни шаффофлигига риоя қилмаган мансабдор шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорда жаримага тортилади. Бу ҳақда қуйи палата ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, Қонунчилик палатасининг 2020 йил 1 декабрь куни бўлиб ўтган мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилган.

Қонун лойиҳаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонун, Бюджет кодекси ва Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга бюджет жараёнининг шаффофлигини таъминлаш, яъни, вазирлик ва идоралар томонидан ўзларининг расмий веб-сайтларида даврий молиявий ҳисоботларини ўз тасарруфидаги бюджет ташкилотлари кесимида маблағлар тақсимотини ва капитал қўйилмалар ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг ижроси тўғрисидаги маълумотларни ҳар чоракда жойлаштириб бориш тартибини бузганлик учун мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорда жарима қўллаш назарда тутилган. Ҳисоб палатаси бюджет жараёни шаффофлиги таъминланганлигини назорат қилувчи орган этиб белгиланади.

Қайд этилишича, Давлат бюджети лойиҳасини ишлаб чиқишда муҳим бўлган бюджет сўрови институти такомиллаштирилади. Маҳаллий бюджетлар ҳисобидан молиялаштириш манбаси аниқ бўлмасдан бошланган тадбирларни ёки параллель лойиҳалаштириш, тендер савдоларини ўтказмасдан амалга оширилган қуриш ва таъмирлаш ишларини молиялаштиришнинг олдини олиш бўйича қўшимча чекловлар киритилмоқда.

Депутатларнинг сўзларига кўра, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши бюджет тизими ва бюджет жараёнини такомиллаштиришга қаратилган вазифаларни самарали бажарилишига хизмат қилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда ўтган 9 ойда қанча бюджет маблағлари асоссиз сарфлангани маълум бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Самарқандда ўтган 6 ой давомида 14 миллиард сўмлик зарарлар ундирилгани ҳақида хабар берилган.