«UzAutoMotors»га нисбатан қўзғатилган иш видеоконференцалоқа тартибида кўриб чиқилмоқда

«UzAutoMotors» АЖда «Рақобат тўғрисида»ги қонун ва соҳани тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши бўйича Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ваколат доирасида текширув ўтказилган, деб ёзади депутат Расул Кушербаев ўзининг Telegram каналида.

Депутатнинг айтишича, айни пайтда ушбу текширув натижалари бўйича видеоконференцалоқа тартибида «UzAutoMotors» АЖ томонидан қонун талаблари бузилиши, автомобиль нархларини шакллантиришда монопол юқори нарх қўлланиши аломатлари аниқланганлиги юзасидан Монополияга қарши кураш қўмитаси томонидан қўзғатилган иш кўриб чиқилмоқда.

Шунингдек, автомобиллар таннархи ва нарх қўлланиши асослилиги юзасидан ҳам текширув ўтказилган, дея таькидлайди Расул Кушербаев.

Эслатиб ўтамиз, Монополияга қарши курашиш қўмитаси «UzAutoMotors»га нисбатан иш қўзғатган.

Аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев «Ўзбекнефтгаз»ни, «Ўзбекистон ҳаво йўллари»ни ва электр тармоқларини жиддий танқид қилгани, кейинчалик «UzAutoMotors» компанияси депутат Расул Кушербаевнинг айбловларига муносабат билдиргани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар