Бухоро шаҳрида қўшнисининг 8,5 млн сўмлик буюмларини ўғирлаган 17 ёшли қиз ушланди
Бухоро шаҳрида 20 октябрь куни 40 ёшли аёлнинг хонадонига ўғриликка тушган қиз жами 8 500 000 сўмлик техника ва ошхона буюмларини ўмарган. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.
Маълум қилинишича, Бухоро шаҳар Пиридастгир кўчасида яшовчи, 1980 йилда туғилган Н.Н.нинг хонадонига 20 октябрь куни тунги 20:00 оралиғида номаълум шахс ғайриқонуний равишда ўғриликка тушган. Хонадондан «Samsung J 7», «Samsung J 6» русумли мобиль телефонлар (жами 2 та), 1 дона «Toshiba» русумли ноутбук, 1 дона «Artech» русумли планшет, шиша вазалар, турли хилдаги ошхона анжомлари ва кийим-кечакларни ўғирлаб, умумий қиймати 8 500 000 сўмлик миқдордаги моддий зарар етказиб, ҳодиса жойидан яширинган.
Хонадон соҳибаси Н.Н. шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 3-сонли ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилиб, ҳолат юзасидан олиб борилган тергов-қидирув ҳаракатлари натижасида ўғриликни жабрланувчининг қўшниси, 2003 йилда туғилган 17 ёшли қиз Т.С. содир қилганлиги аниқланиб, ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳозирда Т.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Бухоролик аёл наманганлик 21 ёшли йигитни 450 долларга чув туширгани, Қоровулбозорда сейфдан 3,5 миллион сўм пул ва салкам 10 миллион сўмлик тақинчоқлар ўғирлаган аёл ушлангани ҳақида хабар қилинганди. Шунингдек, Бухорода «Контакт қўшинг ва ютуқлардан бирига эга бўлинг» интернет ўғрилиги фош этилган.