Ўзбекистонда ўқувчини калтаклаётган видеоси тарқалган ўқитувчи қидирилмоқда

Ижтимоий тармоқларда ўқувчини калтаклаётгани акс этган видеоси тарқалган ўқитувчи қидирилмоқда. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Кадр: Видео

Маълумотларга кўра, ижтимоий тармоқларда ўқувчини ураётган ўқитувчининг ҳолати акс этган видео юзасидан ХТВ расмий муносабат билдирган.

«Мазкур видеода акс этган ҳолат анча олдин содир бўлганини ўқувчиларнинг барчаси ниқобсиз эканлигидан ҳам англаш мумкин. Видео қачон ва қайси мактабда содир бўлгани бўйича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Агарда кимда мазкур ҳолат бўйича аниқ маълумот бўлса, Халқ таълими вазирлигига юбориши мумкинлиги, ҳолат вазирлик томонидан қўшимча ўрганиб чиқилиши маълум қилинади», — дейилади вазирлик муносабатида.

Маълумот учун, Халқ таълими вазирлигининг «Умумий ўрта таълим муассасасининг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидалари тўғрисида» 2020 йил 28 майдаги буйруғига асосан, ўқитувчи-педагоглар жамоа аъзолари ва бошқаларнинг шахсиятини ҳамда қадр-қимматини камситиши, ўзгаларга нисбатан жисмоний куч ишлатиш ёки психологик тазйиқ ўтказиши қатъиян тақиқланади.

Аввалроқ онлайн дарс жараёнида болаларини ҳақорат қилган она ҳақида расмий маълумот берилган.

Янгиликлар