Андижонда «қоидабузар ҳайдовчиларни суратга олиб, ГАИга жўнатган» эркак «самосуд» қилинди — видео

Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси 4 январь куни ижтимоий тармоқларда тарқалган «Айтишларича, самосуд қилинаётган фуқаро йўлдаги қоидабузар ҳайдовчиларни суратга олиб, ГАИга жўнатган» сарлавҳаси остида тарқалган видеолавҳа юзасидан маълумот берди.

Кадр: Telegram / @tezvideouz

Хабарга кўра, 2020 йилнинг 22 декабрь куни соат 11:00 да Андижон шаҳрида яшовчи фуқаро Н.Қ. Жалақудуқ тумани марказида жойлашган деҳқон бозорига мевалар нарх-навосини билиш учун келиб, бозорни фотосуратга олаётган вақтида бир неча фуқаролар Н.Қ.ни бошқа мақсадда суратга олаётганликда гумонлаб, жамоат жойида турли уятли сўзлар билан ҳақорат қилган.

Ушбу ҳолат юзасидан Жалақудуқ тумани профилактика катта инспектори А.Юлдашев томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилган.

Жумладан, фуқаролар А.Д, М.Р, А.А, Ж.З, ва Қ.Д.лар жамоат жойида турли ҳақоратли сўзлар билан бақир-чақир қилишганлиги учун уларнинг ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида кўрсатиб ўтилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжудлиги сабабли тўпланган ҳужжатлар чора кўришлик учун туман Маъмурий судига юборилган.

2020 йил 25 декабрь куни маъмурий иш судда кўриб чиқилиб, ҳуқуқбузарларнинг ҳар бирига БҲМнинг 3 баравари миқдорида жарима жазоси белгиланган.

Мавзуга доир:

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоийда раҳбарининг марҳум онасини сўккан маст ишчи трактор тиркамасига боғланиб, «самосуд» қилингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкентда бир аёлни «самосуд» қилган уч нафар аёлга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинган.

Янгиликлар