Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт ходимларига қўшимча рағбат тўланмагани ҳақдаги хабарларга изоҳ берди

«Zarnews» ва «Daryo» интернет нашрларида Самарқандда коронавирусга қарши курашган тиббиёт ходимларининг ойлик иш ҳақига қўшимча рағбат тўланмаган ҳудудлар ҳақидаги хабар тарқалди. Ушбу хабарлар юзасидан Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси расмий баёнот берди.

Баёнотда ёзилишича, мазкур хабарда келтирилган маълумотлар май ойида аниқланган. Самарқанд вилояти адлия бошқармаси ҳамда туман, шаҳар адлия бўлимлари томонидан Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 19 мартдаги «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони талабларига риоя этилиши юзасидан олиб борилган мониторинг натижасида аниқланган ҳолатлар асосида чиқарилган.

Бу борада Самарқанд вилоят адлия бошқармаси томонидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига киритилган тақдимномасига кўра, коронавирусга қарши кураш тадбирлари учун жалб қилинган ходимларга 5 миллион сўмдан 25 миллион сўмгача рағбатлантириш ҳамда ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорда қўшимча махсус тўловлар тўлиқ амалга оширилиб, бугунги кун ҳолатига қарздорлик қолмаган.

«Бироқ эълон қилинган хабарда мазкур маълумотлар 2020 йилнинг май ойида аниқланганлиги ва мавжуд қарздорлик тўлиқ бартараф этилганлиги кўрсатилмаган. Шу боис Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси пандемия даврида тиббиёт соҳасига оид чиқарилаётган маълумотларнинг тўғрилигига бошқарманинг ахборот хизмати орқали аниқлик киритиб, сўнг эълон қилишни сўраймиз», — дейилади баёнотда.

Аввалроқ Самарқандда тиббиёт ходимларининг 840 миллион сўмлик қўшимча маошлари тўлаб берилмагани ҳақда хабар берилган эди.