Нозим Сафаров: «Қайсидир материал кимларгадир ёқмаса, у ўша сайтдан ўчиртирилади»

Блогер Нозим Сафаров 3 декабрь, пайшанба куни Халқаро пресс-клубда матбуот эркинлиги жараёнларига бағишланган давра суҳбатида сўз эркинлиги ҳақида гапирди.

Кадр: YouTube

Нозим Сафаров нутқи давомида агар қайсидир материал кимларгадир ёқмаса, сайтдан ўчиртирилишини таъкидлади.

«Сўз эркинлиги учун ҳамиша кураш бўлади. Сўз эркинлиги зиддияциз бўлмайди. Aгар қайсидир материал кимларгадир ёқмаса, у ўша сайтдан ўчиртирилади. Бу тажрибада бўлган. Ва мана шу кураш ҳам сўз эркинлигини таъминлашнинг асосидир. Бугун одамлар 90 фоиз ахборотни интернетдан оляпти. Демак, интернет сайтлари ҳам ўз контенти ҳақида чуқурроқ ўйлаши керак. Мактаб дарсларига медиа саводхонлик фанини киритиш керак», — дейди блогер.

Аввалроқ AОКA раҳбари Асаджон Ходжаев пресс-клубнинг мазкур сонида фикр билдиргани ҳақида хабар берилганди. Хусусан, у кўпинча асоссиз ахборотни етказишда журналист, блогерлар айбланишини, унинг фикрича эса асоссиз ахборот пайдо бўлишига ўз вақтида тезкорлик билан жавоб бермаган давлат органлари айбдор эканлиги таъкидланган.

Шунингдек, Адлия вазири Руслан Давлетов ҳам пресс-клубнинг мазкур сонида мамлакатдаги чекловлар, ОАВ ва суд муносабатларии хусусида фикр билдиргани айтилган эди. Вазир ўз нутқи давомида яшаш ҳуқуқидан бошқа ҳуқуқларда айрим чегаралар бўлиши кераклигини таъкидлаган.

 

Янгиликлар